Линклар

Шошилинч хабар
06 март 2025, Тошкент вақти: 20:17

Temu Ўзбекистонда солиқ тўлашдан бош тортган- ИЛМА


Хитойнинг Temu платформаси маъмурияти Ўзбекистон солиқ идораларида рўйхатдан ўтиш ва юридик шахс сифатида фаолият юритишдан бош тортган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (ИЛМА) электрон тижорат бўлими бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев Gazeta.uz нашрига интервьюсида маълум қилди.

“ИЛМА ҳам, Солиқ қўмитаси ҳам Temu билан расман боғланган. Мурожаатда улар солиқ органларида рўйхатдан ўтиш ёки юридик шахс очиш ниятлари йўқлиги, яъни ҳеч қандай солиқ тўлашни истамасликлари ҳақида расман жавоб берди. Компания халқаро платформа эканини, улар бу ерда ишламаслигини ва гўёки фойда келтирмаётганини айтди”, дейди Камронбек Муҳаммадиев.

ИЛМА мулозимига кўра, аслида катта савдо ҳажмига эга Temu ширкати нархларни тушириш ва агрессив маркетинг кампанияларида жуда фаол иштирок этмоқда.

Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистон Солиқ қўмитаси жорий йил 20 мартдан эътиборан Temu платформасидан фойдаланиш чекланишини маълум қилганди.

Қўмита матбуот хизматига кўра, платформа Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.

ИЛМА вакили Камронбек Муҳаммадиев Spot нашрига маълум қилишича, Temu ширкати сўнгги беш ой ичида Ўзбекистондан солиқ тўламаган ҳолда 50 миллион долларлик маблағни олиб чиққан.

XS
SM
MD
LG