“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида мажбурий овоз тўплангани аниқланган лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади, деб маълум қилди Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
“Ташаббусли бюджет” жараёни доирасида мажбурий овоз беришга жалб этиш мажбурий меҳнат сифатида таснифланиши белгиланган. Агар Сиз овоз тўплашга мажбурлаш ҳолатларига дуч келсангиз, зудлик билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз”, дейилади расмий хабарномада.
Фуқароларни “ўз овозини қадрлаш”га даъват этган вазирлик Фарғона вилояти Қува туманидаги 37-мактабда мажбурий овоз йиғиш факти тасдиқлангани ортидан лойиҳа овоз бериш босқичидан четлатилаётганини билдирган.
Маълумот ўрнида, Фарғона вилояти Қува туманида педагогларга ноқонуний талаб қўйилаётгани ҳақида илк бор Озодликнинг “Сиздан Телеграм” лойиҳаси хабар берганди.
Жорий йил 11 мартидан Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу орада ижтимоий тармоқларда турли соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчилар овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Аввалроқ мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лойиҳа доирасида педагоглардан пул йиғиш ҳолатлари кузатилса, тизим вакилларини бу ҳақда хабар беришга чақирганди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади.
Озодликка жойлардан йўлланаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги постларга қараганда, “Очиқ бюджет” учун овоз беришда мажбурлов ва ғирромликлар кузатилади.