Суриянинг Латакия вилоятида собиқ президент Башар Асад тарафдорлари полиция патрулларига ҳужум уюштирди. Камида 13 полициячи ҳалок бўлиб, бир неча киши яралангани ҳақида Associated Press маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар берди.
Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 16 полициячи, 28 Асад тарафдори ва 3 оддий фуқаро ҳалок бўлган.
Латакия умумий хавфсизлик департаменти директори Мустафа Кнефатининг маълумот беришича, Асад тарафдорлари Жабла шаҳри яқинидаги бир неча назорат пунктларига ҳужум қилган. Кневати кўплаб аскарлар ҳалок бўлганини айтди, аммо аниқ рақамлар келтирмади.
Суриянинг Sana агентлигининг хабар беришича, Латакия ва Тартус шаҳарларида комендантлик соати жорий қилинган. Полиция шаҳар ва қишлоқларда Асад тарафдорларини қидириш бўйича "кенг кўламли текширувлар" ўтказмоқда. Маҳаллий аҳолига уйларидан чиқмаслик ва "шубҳали ҳаракатлар" ҳақида хабар бериш тавсия этилган. Тартусга ҳарбийлар киритилган.
2024 йилнинг декабрь ойи бошларида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Асад назорати остидаги қўшинлар мавқеларига ҳужум бошлашган ва пойтахт Дамашқни ўз назоратлари остига олишган. Асад Россияга қочган.