Сурияда нималар бўлмоқда?

Дамашқда тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилишига қарши норозилик. 9 март, 2025

Сурия Башар Асад ҳокимияти ағдарилганидан бери энг ёмон зўравонликларга саҳна бўлмоқда. Соҳил бўйидаги Латакия вилоятида ҳукумат кучлари ва Асад тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Янги ҳукумат мамлакатда назоратни ўрнатишга уринаётган бир пайтда, таҳлилчилар мазҳабий зиддият, иқтисодий танглик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Сурия Эрон ва Россиянинг иттифоқчиси бўлган Башар Асад ҳукумати қулаганидан бери энг кучли зўравонлик тўлқинини бошдан кечирмоқда. Асад оиласининг 50 йиллик ҳукмронлиги 2024 йил декабрда якун топган эди.

6 март куни Суриянинг Латакия соҳилбўйи вилоятида Асад тарафдорлари ва Суриянинг янги ҳукумати хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Янги ҳукуматни исёнчилар етакчиси, муваққат президент Аҳмад аш-Шараа бошқармоқда.

Таҳлилчилар фикрича, жанглар Шараанинг Асаддан кейинги Сурияда назоратни сақлаб қолиш учун курашаётганини кўрсатади. Бу эса Эрон, Исроил ва ҳатто "Ислом давлати" (ИД) экстремистларини қувонтирмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сурияда Асад режими қулади, унинг ўзи қочди

Нью-Йоркдаги Soufan Group разведка консалтинг компаниясининг сиёсат ва тадқиқотлар бўйича директори Колин Кларкнинг айтишича, Латакияда содир бўлаётган воқеалар ҳар қандай можароли вазиятдан кейинги шароитда "муқаррар оқибат" ҳисобланади.

"Сурия 13 йил давомида фуқаролар уруши гирдобида қолди. Бундай ҳолатларда деярли ҳар доим қасос олиш қотилликлари ва зўравон мазҳабий зиддиятлар кузатилади," деди у.

Буюк Британияда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия кузатув маркази 8 март куни тўқнашувларда Сурия "хавфсизлик кучлари ва иттифоқчи гуруҳлар" томонидан амалга оширилган "дала қатллари"да ҳалок бўлган алавий озчиликка мансуб 340 нафар тинч аҳолини аниқлаганини маълум қилди.

Хомс, Латакия ва Тартусда давом этаётган жанглар туфайли комендантлик соати жорий этилди. Латакия ҳокими вилоятда электр таъминоти бутунлай узилганини маълум қилди.

SANA расмий ахборот агентлиги Ички ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб, "алоҳида қоидабузарликлар" содир бўлганини тан олди ва ҳукумат уларга чек қўйишини ваъда қилди.

7 март куни Шараа зўравонлик ҳақидаги дастлабки баёнотида Асад ҳукуматининг "қолдиқлари" "янги Сурияни синовдан ўтказмоқчи бўлганини" айтди ва уларни судга тортишга ваъда берди.

У ўз кучлари тинч аҳолини ўлдиргани ҳақидаги айбловларга жавоб бермади, бироқ қуролли кучларни "тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлашга содиқлиги" учун мақтади.

Тартибсизликни Эрон бошладими?

Жанглар Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Эронни Сурия янги ҳукуматига қарши гуруҳларни қўллаб-қувватлашдан қайтарганидан бир ҳафта ўтгач бошланди. Туркия Шараа бошқарувининг асосий қўллаб-қувватловчиси ҳисобланади.

Фидан бундай қилиш "тўғри бўлмаслиги" ҳақида огоҳлантирди ва бу каби ҳаракат "бошқа давлат ҳам сизга худди шундай муносабатда бўлишига" олиб келиши мумкинлигини айтди.

Анқара қўллаб-қувватлаган гуруҳларнинг Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) гуруҳи Асадга қарши бошлаган ҳужумга қўшилганини кўрган Шараа, Дамашқда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери кўплаб хорижий делегацияларни қабул қилди. Бироқ у Эронни четга суриб, унинг рақиблари Туркия ва Саудия Арабистони, шунингдек, Ғарб давлатлари билан муносабатларни ривожлантирмоқда.

Эрон қўллайдиган гуруҳлар ва шиа жангарилари бўйича мутахассис Филипп Смит Теҳроннинг янги зўравонлик тўлқинига алоқадорлигини кўрсатувчи "кўплаб далиллар" борлигини таъкидлади.

Эрон раҳбарлари, жумладан, Олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий Асад қулаганидан кейин сурияликлар Шаръа ҳукмронлигига қарши қўзғолон кўтаришини айтган эди.

Мавзуга алоқадор Суриянинг янги раҳбари аш-Шараа Путин билан гаплашди

Смитнинг фикрича, Теҳрон "бу воқеалар бошланганидан мамнун," чунки Эрон Асаддек асосий иттифоқчисини йўқотган бўлса-да, "катта тартибсизликлар келтириб чиқара олиши" маълум бўлди.

"Теҳрон учун яхши томони шундаки, ҲТШ жангарилари инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйишларини намойиш этишди. Эрон ана шундай меъёрдан ортиқ реакцияни истаган эди," дея қўшимча қилди у.

Баъзи кузатувчилар, шунингдек, Теҳрон нафақат Шараага, балки Туркиянинг ўсиб бораётган таъсирига қарши чиқиш учун курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик Кучларини (СДК) қўллаб-қувватлаши мумкинлигини таъкидлашди.

Асад ҳукмронлиги остидаги Сурия Эроннинг Шомга стратегик қуруқлик йўлагида ҳал қилувчи роль ўйнаган эди. Ушбу йўлак Эроннинг минтақавий таъсири учун муҳим бўлиб, унинг давлат ва нодавлат субъектлари тармоғининг моддий-техник таъминоти учун асос бўлган.

Ғалаёнлардан яна ким фойда кўради?

Исёнчилар ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери янги ҳукумат кўплаб хавфсизлик муаммоларига дуч келмоқда.

Алавийлар жамоасига мансуб Асадга содиқ кучлар вақти-вақти билан янги ҳукумат хавфсизлик кучларига ҳужум қилиб турибди, ИД эса мамлакатнинг турли ҳудудларида фаоллигини сақлаб қолмоқда.

Шу билан бирга, Исроил кучлари Сурия жанубида ўз назорат ҳудудини кенгайтирди. Хабарларга кўра, улар пойтахтдан тахминан 20 километр масофада жойлашган. Исроил ҳарбий объектларни нишонга олмоқда ва Сурия жанубини қуролсизлантиришни талаб қилмоқда.

"ИШИД ҳужум учун қулай фурсат кутмоқда. Исроил ҳам вазиятдан фойдаланиб, Сурия жанубида янада кўпроқ ҳужумлар уюштиради," дейди Кларк.

"Шараа ҳақиқатан ҳам назоратни сақлаб қолишда қийинчиликка дуч келмоқда, аммо бу кутилган ҳолат эди," дея қўшимча қилди у.