Линклар

Шошилинч хабар
09 март 2025, Тошкент вақти: 04:38

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбек-қозоқ чегарасида қўшимча савдо йўлаклари очилади

Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси. Туркистон вилояти. 3 июль, 2020 йил.
Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси. Туркистон вилояти. 3 июль, 2020 йил.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртадаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида тўртта қўшимча савдо йўлаклари очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Жетису вилояти тадбиркорлари билан учрашувда мазкур ташаббус ҳақида гапирган.

Дипломатик миссия раҳбари расмий Тошкент давлат чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктларини таъмирлаётгани ва бу ҳам товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига хизмат қилишини айтган.

Тўртта қўшимча савдо йўлаклари айнан қайси ҳудудларда ташкил этилиши очиқланмаган.

Расмий статистикага кўра, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Тошкент ва Остона бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режасини эълон қилган.

Озодлик февраль ойи бошида ўзбек–қозоқ чегарасидаги “Довут ота” (“Тажен”) божхона маскани ҳамда “Ғишткўприк” божхона пости 3-4 ой муддатга ёпилгани ҳақида хабар қилган эди.

Қашқадарёдаги Қизилсув сув омбори "қуритилди"

Қашқадарё вилояти, сув. Иллюстратив сурат
Қашқадарё вилояти, сув. Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Қизилсув сув омбори тўсиқлари очилиши оқибатида сувга қўшилиб миллионлаб майда балиқлар оқиб чиққани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

ЎзА вазиятга ойдинлик киритишича, Қизилсув (халқ тилида Нўғайли) сув омбори тиклаш-таъмирлаш мақсадида қуритилган.

“Сув омбори 9 миллион метр куб сув ҳажмига эга, ҳозирги пайтда 5 миллион 800 метр куб фойдали ҳажми бор. Сувни очишимизга сабаб қурилгандан буён тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди. Авария эшиги, санитар қувурларида таъмирлаш ишларини олиб бориш керак эди. Чунки уларнинг йиллар ўтиб емирилиши оқибатида сув сизиш ҳолатлари кузатилаётганди. Сувни тўлиқ қуритмасдан эса бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун хабарнома асосида сувни чиқарганмиз. Қизилсув сув омборидан чиққан сув Яккабоғ гидроузели орқали Чимқурғон сув омборига ташланган. Сув шунчаки оқизиб юборилгани йўқ”, деган Қизилсув сув омбори бошлиғи Тошкент Сиддиқов.

Қурилиши 1980 йилда бошланиб, 1991 йилда фойдаланишга топширилган ушбу гидроиншоот асосан Турнабулоқ дарёсидан тўйинади. Йиғилган сув Яккабоғ гидроузели орқали қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга йўналтирилади.

Тошкент Сиддиқовнинг таъкидича, таъмирлаш ишлари сув энг кам келадиган маҳалда ўтказилмоқда ва тиклаш-таъмирлаш ишлари узоғи билан тўрт кунда тамомланади.

Иншоот вақтида таъмирланмаса келгусида фожиали ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини айтган сув омбори бошлиғи миллионлаб балиқлар оқиб кетгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.

Пора олган ИИБ терговчиси қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчиси пора сабаб жиноий жазога тортилди.

Kun.uz нашри суд ҳужжатига таяниб ёзишича, Бектемир тумани ИИО ФМБ терговчиси лавозимида ишлаб келган Н.Ҳ. 2024 йил 17 сентябрь куни иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб этилган фуқародан қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик эвазига 500 доллар олганда ушланган.

Собиқ терговчи судда пул миннатдорлик сифатида берилганини иддао қилиб, ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилишини сўраган.

“Гумонланувчига Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиб, унга нисбатан гаров эҳтиёт чорасини танлаганлиги ҳақида қарордан бир нусха бердим. У ишини қонун доирасида тез кўриб берганим учун раҳмат сифатида 500 доллар бериб кетишини айтди”, деган у ўз кўрсатмасида.

Пулни хизмат хонасида олган терговчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, суд-кимёвий экспертиза хулосаси ва бошқа далиллар билан исботини топган, дейилади суд ҳужжатида.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукми билан Н.Ҳ. ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 3 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Кейинги йилларда ички ишлар тизими вакилларининг пора билан қўлга олингани ҳолатлари кўпайгани айтилади.

Ўтган йил октябрь ойида Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили порахўрлик сабаб жиноий жазога тортилган эди. Ўшанда ходим судда ўз айбига иқрорлик билдираркан, “муҳтож бўлгани”, “турмуш ўртоғи ва синглиси касал бўлиб қолгани” ва “кўп миқдорда жарималари борлиги” важидан пора олганини айтган.

Ўтган йилнинг октябрида, шунингдек, бангифурушга кўмаклашган ИИБ ходими 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ногиронлиги бор болаларга транспорт хизмати кўрсатилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2025 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган болалар ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасаларига бориб келишига қулайлик яратиш мақсадида ижтимоий транспорт хизмати йўлга қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида”ги 132-сонли қарорида ана шундай вазифа белгиланган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу хизматни 2025 йил 1 апрелдан Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида пилот лойиҳа сифатида, 2025 йилнинг якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.

Лойиҳа доирасида ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлари, шу жумладан, ушбу муассасалардаги “Ғамхўрлик” гуруҳларида, умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида ҳамда реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим олувчи кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган болаларга транспорт хизмати кўрсатилади.

Хизматдан фойдаланганлик учун тўлов ва субсидия тизими жорий этилади. Субсидия шаклидаги тўловлар агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Озодлик аввалроқ “Ўзбекистоннинг кўринмас одамлари” – ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратганди.

Пўлат Бобожоновга янги лавозим берилди

Пўлат Бобожонов.
Пўлат Бобожонов.

Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Ўзбекистон президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби маълум қилди.

3 март куни Пўлат Бобожонов ички ишлар вазири лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келган Азиз Тошпўлатов тайинлангани ортидан собиқ вазирнинг кейинги тақдири номаълум бўлиб қолаётган эди. Янги тайинлов Озодлик манбаларининг Бобожоновга президент администрациясидан иш берилиши ҳақидаги маълумотини тасдиқламоқда.

2017 йил сентябрдан буён ИИВга раҳбарлик қилиб келган Пўлат Бобожонов эндиликда президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевга ўринбосарлик қилади.

Ўтган йил ноябрида ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳри ИИББнинг қатор юқори лавозимли ва тезкор ходимлари ишдан бўшатилганди.

Озодлик манбалари бу истеъфолар президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғлиқ эканини айтишган.

Озодлик ихтиёрида Бобожоновнинг истеъфосини Алламжоновга суиқасд билан боғловчи маълумот йўқ, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари буни айнан суиқасддан куч тизимларида бошланган “тозалаш”нинг давоми демоқда.

Уларнинг тахминича, бошқа куч тузилмалари, шунингдек, Олий судда ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Прокуратурадан чиққан ва Каримов бошқаруви даврида бир муддат Хоразм вилояти ҳокими лавозимида ишлаган 65 яшар Пўлат Бобожоновнинг ИИВга раҳбарлиги даврида тизим қийноқлар билан боғлиқ можаролар марказида бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари ички ишлар тўғрисида узоқ кутилган қонун қабул қилинганидан кўп ўтмай вазир лавозимига тайинланган Бобожоновни қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ўзгартира олмагани учун танқид қилишган.

ИИБдаги қатор шубҳали ўлим ҳодисалари ортидан Ўзбекистондаги жамоат фаоллари Бобожоновнинг истеъфосини ҳам талаб қилгани маълум. Вазирнинг ўзи бу каби чақириқлар ва фаолларнинг танқидларига расмий муносабат билдирмаган. У маҳаллий журналист ва блогерларнинг матбуот билан очиқ мулоқот қилиш ҳақидаги чақириқларини ҳам жавобсиз қолдирган.

Яна бир гуруҳ ўзбекистонлик АҚШдан Тошкентга қайтарилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШ томонидан Коста Рикага депортация қилиниши керак бўлган Ўзбекистон фуқаролари Нью-Йорк орқали Тошкентга қайтарилади.

“Коста Рикага юборилиши режалаштирилган, лекин ватанга қайтиш ниятида бўлган яна 10 нафар фуқаромиз мазкур ҳафта давомида Нью-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга етиб келади”, деб маълум қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.

ТИВ мамлакат фуқароларини Қўшма Штатлардан хавфсиз депортация қилиш масаласида АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари билан алоқада бўлиб турганини билдирган.

24 февраль куни Вашингтон билан олиб борилган музокаралар натижасида Коста Рикага юборилиши режалаштирилган, лекин Ўзбекистонга қайтиш ниятида бўлган 7 нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилганди.

19 февраль куни АҚШдаги икки юздан зиёд ҳиндистонлик ва марказий осиёлик ноқонуний мигрант сафида бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳам Коста Рика Республикасига келтирилганди.

Коста Рика ҳукумати 200 нафар ноқонуний муҳожирни ўз мамлакатига қайтаришда Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган. Марказий Америка давлатига келтирилган ўзбекистонликлар тақдирига расман ойдинлик киритилганича йўқ.

Жорий йил 20 январидан президентлик лавозимига киришган Дональд Трамп ноқонуний миграцияга қарши беаёв кураш эълон қилган.

Озодлик аввалроқ АҚШда яшаб келаётган 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида бадарға қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.

2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.

Ажнабий сўзларга ўзбекча муқобил таклиф этилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимларидан иборат ишчи гуруҳ хорижий атамаларни ўзбекча муқобилларига алмаштириш бўйича таклифни илгари сурди.

Тилшунослар ҳозича ўттизта атаманинг ўзбекча муқобилини таклиф этишган. Жумладан, кундалик муомалада кўп қўлланаётган “доставка” (етказиш), “челленж” (чорлов), “навигатор” (йўллагич), “селфи” (ўзчеким), “светофор” (йўлчироқ), “оправа” (кўзойнак банди), “кешбэк” (ҳадя-қайтим), “повербанк” (кучлантиргич), “акция” (ялпи ҳаракат) каби сўзларга вариант тақдим этилган.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимларидан иборат гуруҳ Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши саналади. Экспертлар жамоатчиликни тил тақдирига бефарқ бўлмаслик ва миллий муқобиллар муҳокамасида фаол қатнашишга чақирган.

Мамлакат зиёлилари ўзбек тилининг мавқеидан хавотир билдириб келади. Жумладан, таҳлилчи Сардор Салим ҳукмрон элитани тил ислоҳотини пайсалга солишда айблаганди.

Озодлик аввалроқ Путин рус тилини жаҳон миқёсида кенг тарғиб-ташвиқ этишга зўр бераётган бир паллада ўзбек тилининг истиқболини таҳлил қилганди.

Карманада яна бир ўқувчи ўзини осди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Навоий вилояти Кармана туманидаги 30-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўзини осиб вафот этди.

Gazeta.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар беришича, 27 февраль куни рўй берган ҳолат бўйича туман прокуратураси терговга қадар текширув бошлаган.

Марҳуманинг онаси қизи мактабда геометрия фани ўқитувчиси билан тортишувдан сўнг ўз жонига қасд қилганини айтган.

Мактаб маъмурияти ўша куни ўқитувчи ва қиз ўртасида тортишув бўлганини тасдиқлаб, охирги кунларда қизнинг руҳиятида ўзгариш кузатилмаганини маълум қилган.

Муассаса директорига кўра, охирги вақтлар мактабда ўқувчилар ўлими кўпайиб кетгани юзасидан психологик суҳбатлар ва профилактик тадбирлар ўтказилган.

Kun.uz нашри Карманадаги 30-умумтаълим мактабида 2024 йил ноябрь ва декабрь ойларида икки ўқувчи ўзини осиш орқали жонига қасд қилгани ҳақида ёзганди.

Озодлик аввал хабар берганидек, 19 февраль куни Самарқанд шаҳрида талаба қиз ҳам ўз жонига қасд қилганди.

Қозоғистонда ўзбекистонлик ис газидан вафот этди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

2 март куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги хонадонда етти киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Манғистау вилояти ҳокимлиги Мунайли тумани Басқудуқ қишлоғида рўй берган фожиада ҳалок бўлган оиланинг яқинларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг дастлабки версиясига кўра, фожиа газ ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш оқибатида содир бўлган.

Қутқарувчилар ва тез тиббий ёрдам бригадалари етти киши, жумладан, беш нафар боланинг вафот этганига гувоҳ бўлишган.

Манғистау ҳокимлиги ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканини билдирган.

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу маълумотни рад этган. Вазирлик аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар орасида фақат бир киши, яъни оила бошлиғи Ўзбекистон фуқароси бўлган. Унинг хотини ва болалари эса Қозоғистон фуқаролигига эга эди.

Ўзбекистонда куз ва қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади.

Расмий статистикага кўра, 2024 йилнинг 11 ойи давомида буён мамлакат бўйлаб газ билан боғлиқ нохуш ҳодисалар туфайли 82 киши нобуд бўлган.

ИМВ: Давлат қарзи миқдори 40 млрд доллардан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) ҳисоботига мувофиқ, 2024 йил якунларига кўра мамлакатда давлат қарзи 40 миллиард 199 миллион долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 35 фоизига тенг.

Вазирлик маълумотига кўра, мазкур қарзнинг 33,7 миллиард доллари ташқи қарз, 6,5 миллиард доллари эса ички қарз ҳиссасига тўғри келади.

ИМВ қайдича, Ўзбекистон халқаро молия ташкилотлари орасида энг кўп қарзни Жаҳон банкидан жалб қилган бўлиб, бу қарз миқдори 7,6 млрд долларга тенг.

Ўзбекистонда давлат қарзи 2024 йил 1 январида 34,93 миллиард долларни ташкил қилганди. Ўтган бир йил давомида қарз миқдори 5,3 миллиард долларга ёки 15 фоизга ошган.

Давлат бюджети лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон бу йил қарз ўлароқ хориждан 5,5 миллиард долларгача маблағ жалб қилиши мумкин.

Аввалроқ Марказий банк 2024 йилнинг учинчи чораги якунларига кўра Ўзбекистон ташқи қарзи 60 миллиард доллардан ошгани, бундан давлат қарзи 32 миллиард доллардан кўпроқни, корпоратив ташқи қарз эса 27,7 миллиард долларни ташкил этиши ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиш санаси эълон қилинди

Тошкентдаги Минор масжидида Рамазон ойида берилган ифторликдан лавҳа (архив сурати)
Тошкентдаги Минор масжидида Рамазон ойида берилган ифторликдан лавҳа (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотини эътиборга олган ҳолда “2025 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 1 март кунига тўғри келиши”га оид қарор қабул қилди.

Қарор билан Рамазон ойида “эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этишга, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экишга ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор” берилиши белгиланган.

Президент қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон ҳукумати, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Дин ишлари бўйича қўмита, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги қўшнилари бўлган мамлакатлар ва мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи бошқа ўлкаларда Рамазон ойи 1 мартдан бошланиши эълон қилинган эди.

Ўзбекистон: 100 минг кишига 200 та жиноят тўғри келди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024 йилда 132 минг 298 та жиноят содир этилган. Жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган.

Бу рақамлар 26 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирлиги масъуллар томонидан очиқланган.

Ўтган йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.

Сенат қўмитаси йиғилишида маълум қилинишича, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Бу турдаги жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган.

Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқдир.

Сенат матбуот хизмати қайдича, автомобил йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, унда жароҳатланганлар ва вафот этганлар сони бўйича 2023 йилга нисбатан камайишга эришилган бўлса-да, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат ҳали ҳам тўлиқ ва самарали ўрнатилмаган. Оқибатда ҳисобот даврида 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 8901 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2203 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Озодлик аввалроқ 2024 йилда мансаб суиистеъмоллиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 3,61 триллион сўмга етгани, мамлакат бўйича 4906 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар қилган эди.

Овқатланиш хизмати бўйича тендерда мебелчи фирма ғолиб чиқди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон вилоятидаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази 2022-2025 йилларда ўтказган тендерларда шубҳали ҳолатлар юзага чиқди.

Ҳужжатларни ўрганган Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, энг яхши таклиф танловида қўли баланд келган корхоналарнинг таъсисчилари бир-бирига “бегона эмас”.

Тендерда ғолиб деб эълон қилинган корхоналар буткул бошқа ихтисосликда экани ҳам эътиборни тортган.

Марказ жорий йил 13-20 февраль кунлари овқатланиш хизматларини кўрсатиш бўйича ўтказган бошланғич қиймати салкам 2,1 миллиард сўмлик тендерда “Lucky kinder garten” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Корхона 2023 йилнинг июль ойида ташкил этилган, фаолияти буюртмачига кўрсатилганидек, озиқ-овқат эмас, балки мебель ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бундан ташқари, тендерга илова қилинган ҳужжатларда ташкилот ўз балансида бинолар мавжудлигини келтирган бўлса-да, кадастр паспортида келтириб ўтилган объектларни davreestr.uz порталидан топишнинг иложи бўлмади”, деб ёзган Daryo.uz.

Cпорт мактабига 6,5 миллиард сўмлик овқат хизмати кўрсатган яна бир фирма компьютер хизматига ихтисослашгани аниқланган.

Нашр ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа масъул идоралардан изоҳ талаб қилган.

Озодлик аввалроқ “Деҳқонобод калий заводи” АЖ харид комиссияси кўп миллиардлик тендер ўтказишда қонун талабларини қўпол равишда бузгани ҳақида хабар қилган эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қайдича, 2024 йил давомида давлат харидлари тизимида 263,9 миллиард сўмлик ноқонуний харид натижалари бекор қилинган.

Анора Содиқова судга киритган даъво ёпиқ тарзда кўрилади

Анора Содиқова
Анора Содиқова

Жорий йилнинг 26 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида таниқли журналист Анора Содиқованинг “Муфаса” тахаллуси билан саҳифа юритадиган блогер Мирсаид Ҳайдаровга қарши киритган даъво аризаси кўриб чиқила бошлади.

Kun.uz нашрининг ёзишича, соат 10:30 га белгиланган суд кечикиб бошланган. Қолаверса, жараённи ёритиш учун келган журналистлар суд бошлангунига қадар ичкарига қўйилмай турли баҳоналар билан йўлакда ушлаб турилган.

Суднинг очиқ ёки ёпиқ эканига аниқлик киритилмай бошланган жараён тахминан 40 дақиқаларда якунига етаркан, жавобгар Мирсаид Ҳайдаров ва унинг адвокати суд ёпиқ ўтишини талаб қилган. Бундан ташқари, даъвогар Анора Содиқованинг адвокатлари сони етарли бўлгани важидан суд залидан инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни чиқариб юбориш бўйича алоҳида тақдимнома киритилган.

Даъвогарнинг адвокатлари судья нохолис эканини билдириб, ННТдан вакил сифатида ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон.Ташановнинг судда қатнашишини таъминлашни сўраб, раддия киритишган.

Анора Содиқова ўз шикоятида блогер Мирсаид Ҳайдаров турли аниқ ва аноним каналларда у ҳақида камситувчи, шаънини булғайдиган ва туҳмат гаплар ёзганини билдирган.

Адолат истаб судга келдим, ҳеч бўлмаса конституция ишлашидан умидворман. Журналист ва аёл сифатида шаънимга айтилган бу гапларни қабул қилолмайман”, деган у.

Суд ёпиқ ўтиши ҳақидаги қарор ижтимоий тармоқларда суд муҳокамаси ошкоралиги ва ахборот олиш ҳуқуқини чеклаш дея талқин этилган.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати бунга раддия берган.

“Фуқаролик кодексининг 12-моддасига кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилиши белгиланган. Бироқ ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига ҳам йўл қўйилади”, дейилган Кенгаш баёнотида.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Анора Содиқова бошчилигидаги Uzdiplomat.uz жамоаси жорий йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида ташкил этган “Йил танлови-2024” маросими тўсқинликка учраган.

Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мустақил матбуотнинг истиқболи хусусида хавотирли фикрлар янграган.

Журналист Алишер Рўзиохунов 32 ёшида вафот этди

Алишер Рўзиохунов
Алишер Рўзиохунов

Ўзбекистоннинг иқтидорли ёш журналистларидан бўлган Алишер Рўзиохунов 26 февраль куни оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг дўсти ва ҳамкасби Илёс Сафаров Телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.

“Алишер Рўзиохуновдан ажралиб қолдик. У менинг Тошкентга келиб топган энг яқин инсонларимдан бири, кўпчилик фаолиятига, билимига ҳавас қиладиган салоҳиятли журналист эди”, деб ёзди Илёс Сафаров.

32 ёшли журналистнинг ўлимига қанд касали сабаб бўлгани айтилмоқда.

Алишер Рўзиохунов Kun.uz, Gazeta.uz, Bugun.uz каби интернет нашрларида фаолият юритган.

Иқтидорли ва қалами ўткир журналист Алишер Рўзиохунов фаолияти давомида давлат ва жамият ривожи йўлида юзлаб ижодий материаллар тайёрлаган”, дея марҳум ижодкорга таъриф берди у бир неча йил фаолият юритган Kun.uz таҳририяти.

Ҳамкасбларига кўра, Алишер Рўзиохунов бир муддат аввал журналистикадан кетган эди. Аммо унинг ўзи Фейсбук саҳифасида қолдирган постида журналистикадан кетмагани, балки танаффус олганини билдирганди.

Алишер Рўзиохунов 2018 йили Озодликнинг Прагадаги қароргоҳида меҳмон бўлган эди. У таҳририятимизнинг Ўзбекистонда матбуот эркинлиги мавзусида уюштирган суҳбатида ҳам қатнашган.

Марҳум журналистнинг жанозаси 27 февраль куни эрталаб Андижонда ўқилиши айтилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG