Линклар

Шошилинч хабар
12 март 2025, Тошкент вақти: 14:18

Ўзбекистон хабарлари

Bloomberg: “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”. Гап Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳақида

Bloomberg иддаосича, Париж Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.
Bloomberg иддаосича, Париж Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.

Иқтисодий соҳага ихтисослашган Bloomberg агентлиги Франция президентининг 1 ноябрда Қозоғистонга ва 2 ноябрда Ўзбекистонга қиладиган сафарини шарҳлар экан: “Макрон Путиннинг томорқасига янги дўстлар ва уран излаб бормоқда”, деган хулосага келган.

Хабарда таъкидланишича, Париж табиий захираларга бой Қозоғистон билан тиғизроқ ҳамкорликни истайди ва айни пайтда Марказий Осиёни Путин таъсиридан чалғитишга уринади.

“Шунинг учун ҳам Эммануэль Макрон шу ҳафтада энергетика захираларига бой Ўрта Осиёга йўл олади, уран билан мамлакат ядровий реакторларини таъминлайдиган Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлади”, дейилади хабарда.

Агентликнинг Франция президенти нуқтаи назари билан таниш бўлган икки манбага таяниб ёзишича, сафардан асосий мақсад Франция энергетик хавфсизлигини кучайтиришдир.

Бу икки давлат билан ҳамкорликдан кутилаётган натижа эса Европанинг Россия энергетика ресурсларидан қарамликни озайтириш сиёсатига мос келади.

Франция Иқтисодиёт вазирлигининг билдиришича, ўтган йили Қозоғистон Францияга уран етказиб берувчи йирик давлатга айланган. Бундан ташқари Қозоғистон Францияга нефть етказувчи давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган. 2021 йилда Қозоғистон Францияга нефть етказиб берувчи давлатлар рўйхатининг биринчи поғонасида эди.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Франциянинг уран бўйича асосий таъминотчиси ҳисобланади.

Москвада нашр этиладиган "Коммерсантъ" нашри 2022 йилда Ўзбекистон Европага уран экспортини деярли уч баробарга оширгани ва 441 тонна уран сотгани ҳақида хабар берган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонда амалдорлар хориж автомобилидан воз кечмоқда — ОАВ

Chevrolet Malibu автомобили
Chevrolet Malibu автомобили

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Mercedes-Benz хизмат автомобилидан воз кечиб, Malibu автомобилида юрибди.

Gazeta.uz нашрининг бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовдан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, Арипов жорий йил 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.

Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида давлат амалдорлари миллий автомобилга ўтиши зарурлигини айтган эди.

Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган бош вазир видеоселекторда.

Ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

Жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автоуловларидан фойдаланаётгани айтилмоқда.

Шу кунгача фойдаланиб келинган хорижий автотранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муаммолар кузатилаётган вазиятда давлат мулозимларининг қимматабаҳо хизмат машиналарида юриши кўпдан буён жамоатчиликда эътироз уйғотиб келади.

Озодлик аввалроқ бюджет тақчиллиги манзарасида айрим ҳокимлик, вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо автомобиллар харид қилиш учун миллионлаб маблағлар сарфлаётганига эътибор қаратган эди.

Таълим вазирлиги йиғди-йиғдилар билан “муроса қилмайди”

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Ташаббусли бюджет” доирасида педагоглардан пул йиғиш ҳолатлари кузатилса, тизим вакилларини бу ҳақда хабар беришга чақирди.

Мулозимага кўра, охирги йилларда боғча ва мактаб ходимларини ўз фаолиятидан бошқа ишларга жалб қилиш, улардан асоссиз пул йиғишларга қарши курашилаётган бўлса-да, тизимда ҳамон шундай топшириқларини бераётган масъуллар учрамоқда.

Жорий йил 11 мартидан Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу орада ижтимоий тармоқларда турли соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчилар овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

“Яқинда Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан “Опен бюджет”да овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилдик”, деган Ҳилола Умарова.

Фарғона вилояти Қува туманида педагогларга ноқонуний талаб қўйилаётгани ҳақида илк бор Озодликнинг “Сиздан Телеграм” лойиҳаси хабар қилган эди.

ММТВ ўқитувчи, таълим ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш, улар маошидан пул йиғиш билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига соя солмасликка ундаган.

Педагогларни уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш каби ҳолатлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз”, дея таъкидлаган вазир Умарова.

Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади.

Озодликка жойлардан йўлланаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги постларга қараганда, “Очиқ бюджет” учун овоз беришда мажбурлов ва ғирромликлар кузатилади.

Ўзбекистонда банг моддалари билан боғлиқ жиноятлар сони кескин ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида наркотик моддаларни ноқонуний сотишга доир жиноятлар сони икки бараварга кўпайди. Олий суд эълон қилган статистика ана шундан далолат беради.

2020 йилда Жиноят кодексининг 270, 271, 273-276-моддаларига дахлдор жиноятларга қўл урганлар 3941 кишини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу рақам 8373 нафарга етган.

Ҳудудлар кесимида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида қайд этилган. 2024 йилда 1999 нафар шахс шу турдаги жиноятларни содир этгани учун судланган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов ҳам Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайгани ҳақида маълум қилганди. Мулозим кузатилаётган салбий жараён бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этаётганини айтган.

Божхона идоралари маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.

БП: Самарқандда учта тарихий масжид бузиб ташланган

Кўҳна Самарқанд манзараси (иллюстратив сурат)
Кўҳна Самарқанд манзараси (иллюстратив сурат)

Самарқанд вилоятидаги XIX – XX асрларга оид тарихий биноларга жами 46,8 млрд сўмлик зарар етказилган, дея маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Маданий мерос агентлиги билан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланишича, Каттақўрғон туманидаги “Кушоқ ота” масжиди бузилиб, ёдгорликка 19,6 миллиард сўмлик, Ургутдаги “Аҳмад Яссавий” ва “Ҳожи Ўринбой” масжидлари бузилиб, ёдгорликларга 17 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Самарқанд туманидаги “Кулба” архитектура ёдгорлиги рухсатсиз таъмирлангани оқибатида эса 10,2 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилгани, назорат тадбирлари давом эттирилаётгани билдирилган.

Тарихий-маданий мерос объектларининг бузиб ташланиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Озодлик аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги IV асрга оид археологик ёдгорлик вайрон қилингани ҳақида ёзганди.

2020 йилда Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлиги бузиб ташланган эди.

Ўтган йили Бухоро тарихий марказида ЮНЕСКО билан келишмай бошланган қурилишлар ҳам жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.

Ҳуқуқбонлар Макронни Мирзиёев билан учрашув чоғида сўз эркинлиги масаласини кўтаришга чақиришди

Франция президенти Эммануэль Макрон (ч) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан (архив сурати)
Франция президенти Эммануэль Макрон (ч) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан (архив сурати)

Президент Эммануэль Макрон 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан Францияда бўладиган ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазияти хавотирли тарзда ёмонлашаётгани ва ижтимоий тармоқларда мустақил шарҳловчилар таъқиб этилаётгани масаласини кўтариши керак. Бу чақириқ Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) томонидан 11 март куни ёйинланган қўшма мурожаатдан ўрин олган.

Ислоҳотлар ўтказиш борасидаги расмий мажбуриятларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари режим танқидчиларининг овозини ўчиришга мажбур қилиш учун жиноий таъқиб ва ҳатто мажбурий психиатрик муолажадан фойдаланган ҳолда, сўз эркинлигига босим ўтказишни давом эттиришмоқда. Коррупция, непотизм ёки сиёсий жиҳатдан долзарб бўлган бошқа масалаларни ёритаётган мустақил журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳловчилар таъқиб-тазйиқ, ҳибсга олиниш ва қамалиш хатари қаршисида қолишлари мумкин”, дейилган мурожаатномада ҳуқуқбонлар “Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг 2024 йил учун Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон рейтинги пасайганини, бу эса сўз эркинлиги шароити ёмонлашганини билдиришини қайд этишган.

Ҳуқуқбонлар қатағонларга оид иддаолари исботи учун Ўзбекистонда психиатрик муолажа суиистеъмолига оид икки ҳолатни ― 62 ёшли ҳуқуқбон Шоҳида Саломова ҳамда Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқаларини танқид қилган ва демократик ўзгаришларга чақирган блогер Валижон Калонов воқеасини мисол ўлароқ келтиришган.

Мурожаатнома муаллифлари Саломова ва Калонов соғлиғидан чуқур хавотир изҳор қилишган.

Улар президент Макрондан Мирзиёев билан музокаралар марказига инсон ҳуқуқлари масаласини қўйиш, хусусан, Ўзбекистон президентини мустақил ҳуқуқбонлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ шарҳловчиларини таъқиб қилишни тўхтатишга Ўзбекистонни фуқароларга ўз фикрини эркин ифода қилиш эркинлиги, адолатли судлов ҳуқуқи, эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи ҳамда қийноқ ва аёвсиз муомаладан ҳоли бўлиш ҳуқуқи дохил инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилишга чақиришни сўрашган.

Франция анчадан буён матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун чиқишлар қилиб келади. Бу ташриф мазкур тамойилларни тасдиқлаш ва овози бўғилганларни ҳимоя қилиш учун ажойиб имконият тақдим этмоқда. Биз президент Макронни Ўзбекистоннинг мустақил экспертлари билан ҳамжиҳат эканини намойиш қилишга ҳамда инсон ҳуқуқлари Франция-Ўзбекистон алоқаларининг марказий унсури бўлиб қолишини таъминлашга чақирамиз”, дея урғулашган халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари вакиллари.

Мирзиёев бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Парижда расмий ташриф билан бўлган эди. Унинг Францияга сўнгги ташрифи арафасида ҳуқуқ фаоллари Парижнинг Сент-Огюстен майдонида норозилик акцияси ўтказишиб, жамоатчилик эътиборини Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги аҳволга қаратишганди.

Ўшанда улар президент Мирзиёевнинг Каримовдан қолган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга оид ваъдаларини ҳанузгача бажарилмай қолаётганини урғулашган эди.

Фаоллар Париж сафари олдидан Мирзиёевга ваъдаларини эслатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00

Ўзбекистон учоқлари Москвадан бошқа шаҳарларга йўналтирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 11 мартига ўтар кечаси Россия пойтахти Москва ҳудудига дронлар ҳужуми уюштирилгани муносабати билан бир қатор самолётлар бошқа аэродромларга қўндиригган.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Москванинг бир қатор аэропортларида жорий этилган чекловлар ортидан HY9607, Бухоро–Москва (Внуково) рейси Самарага, HY611, Тошкент–Москва (Внуково) ҳамда HY9615, Урганч–Москва (Внуково) рейслари Санкт-Петербургга, HY603, Тошкент–Москва (Домодедово) рейси эса Урганчга йўналтирилтирилган.

“Чекловлар олиб ташланганидан сўнг барча авиақатновлар дастлабки йўналишлар бўйича ҳаракатланишда давом этади. Шу билан бирга, авиакомпаниянинг кейинги авиақатновлари жадвалига ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда”, дейилган Uzbekistan Airways хабарномасида.

Россия расмий идоралари Москва ҳудудига Украина томонидан дронлар ҳужуми уюштирилгани сабаб пойтахт аэропортларида “Ковёр” режаси жорий этилганини билдирган.

Москва мэри Сергей Собянин қайдича, Россия пойтахти томон учган 74 та учувчисиз учиш аппарати, турли йўналишларда юзлаб жанговар дрон уриб туширилган.

Россия қўшинлари ҳам Украинанинг турли ҳудудларидаги энергетика ва газ инфратузилмасига ракета ҳамда дронлар билан кенг кўламли зарба бериб келмоқда.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Uzbekistan Airways авиаширкати 20 январдан бошлаб Европа мамлакатларига парвозларни Россия ва Беларусь ҳудудини айланиб ўтган ҳолда, Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширмоқда. Бу қарор Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг (EASA) Россиянинг Европа ҳудуди устидаги парвозларнинг хавфсиз эмаслиги тўғрисидаги ҳисоботи асосида қабул қилинган.

“Навоий азот”даги портлаш оқибатида бир киши нобуд бўлди

“Навоий азот” заводи (архив сурати)
“Навоий азот” заводи (архив сурати)

Навоий шаҳрида жойлашган “Навоий азот” акциядорлик жамиятида 11 март куни содир бўлган портлаш натижасида 1 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ портлаш чоғида нобуд бўлган ва жабрланган кишилар шахсини очиқлаган эмас.

Вазирлик қайдича, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 14:10 да “Навоий азот” заводининг 25-цехи лабораториясида газ-ҳаво аралашмаси портлаган, бунинг натижасида ёнғин келиб чиққан.

Юзага келган ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 14:20 да қуршаб олишга, соат 14:50 да эса тамоман ўчиришга муваффақ бўлишган.

ФВВ ҳодиса чоғида тан жароҳати олган фуқароларга айни пайтда малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирган.

Шунингдек, вазирлик хабарномасида ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.

Бу “Навоий азот”да содир бўлаётган илк портлаш эмас. Озодлик мазкур заводда 2013, 2015 ва 2020 йилларда ҳам содир бўлган портлашлар ҳақида хабар қилган.

17000000000 сўмлик йўл лойиҳалари сифатсиз бажарилган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024 йил давомида йўл-қурилиш соҳасида 242 та объектда қарийб 17 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани аниқланди.

Daryo.uz нашрининг Транспорт назорати инспекцияси матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, инспекция томонидан ўтган йили йўл-қурилиш ишларини назорат қилиш йўналиши бўйича 1785 та объектда 2625 та назорат ишлари ўтказилган.

Текширувларда 7 мингдан (қурилиш – 774 та, реконструкция – 1182 та, таъмирлаш – 4476 та, қазиш – 577 та) ортиқ қоидабузарлик аниқланган ва уларни бартараф этиш бўйича жами 2418 та буюртмачи, пудратчи ва қазиш ишларини бажарувчиларга мажбурий кўрсатмалар берилган.

Қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99 (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 147 (йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш талабларини бажармаслик) моддаларига асосан жами 450 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.

Ўзбекистонда йўл қурилиши ва таъмирида ишларнинг сифатсиз, хўжакўрсин учун бажарилиши чуқур илдиз отган муаммо экани айтилади.

Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган мутахассислар йўлсозликни “коррупция ботқоғига ботган” соҳа дея таърифлашган эди.

Чиқиндидан қарздорлар электр энергиясидан фойдалана олмайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йил 8 июндан эътиборан чиқиндидан қарздорлик учун электр энергиясидан узиб қўйиш амалиёти жорий этилади. Мамлакат президенти томонидан имзоланган 1044-сонли қонунда ана шундай талаб илгари сурилган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўлов бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш чекланади.

Қарзни узиш учун беш кун вақт берилади.

Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишнинг вақтинчалик чеклови чиқинди қарздорлиги тўлангандан сўнг автоматик равишда бекор қилинади.

Ушбу қонун ҳужжатини таклиф этган депутатлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 600 миллиард сўмдан ошганини урғулаган.

Жумладан, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров мамлакатда “чиқинди масаласи энг охирги, хавфли нуқтасига етиб келгани” ҳақида ёзган эди.

Мазкур ташаббусга қарши чиққан маҳаллий фаоллар эса мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилишган. Чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланиши баҳсли қарор ўлароқ баҳоланган.

Мирзиёев давлат ташрифи билан Францияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) Франция президенти Эммануэль Макрон билан (архив сурати)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) Франция президенти Эммануэль Макрон билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида Парижда олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади”, дейилган расмий хабарномада.

Мирзиёев, шунингдек, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини ҳам муҳокама қилади.

Мирзиёев бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Парижда расмий ташриф билан бўлган эди.

2023 йил ноябрь ойида эса Франция президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўшанда музокаралар якунида Тошкент ва Париж ўзаро ҳамкорликни “стратегик шериклик” даражасига кўтариш ниятини билдиргани маълум.

Ўзбекистонлик шахс Сеулдан 5 млн долларга квартира сотиб олди

Сеул манзараси (иллюстратив сурат)
Сеул манзараси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан 7,4 миллиард вонга (қарийб 5 миллион 94 минг доллар) квартира сотиб олди. Бу ҳақда Choson.biz нашри хабар қилди.

41 ёшли ўзбекистонлик пойтахт Сеулдаги машҳур Банпо Хи тураржой мажмуасида жойлашган 244 метр квадрат майдонга эга апартаментни нақд пулга харид қилган.

Харидорнинг манзили сифатида Тошкентдаги “Корея–Ўзбекистон анъанавий тиббиёт клиникаси” кўрсатилган.

3410 та тураржойдан иборат Банпо Хи мажмуасида Жанубий Кореянинг бадавлат ва атоқли шахслари истиқомат қилади.

Шахси очиқланмаган ўзбекистонлик ҳудуддаги энг қиммат битимни амалга оширгани айтилмоқда.

Аввалроқ “Известия” нашри Ўзбекистон фуқаролари Россияда уй-жой сотиб олувчи норезидентлар бўйича юқори учталикка киргани ҳақида хабар қилган эди.

Кўчмас мулк бозорида норезидентларнинг ҳиссаси умумий савдонинг 20 фоизини ташкил этган бўлса, шундан 15 фоизи Ўзбекистон фуқаролари улушига тўғри келган.

Қашқадарёдаги “заправка”да ёнғин рўй берди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Касби тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида 10 март куни ёнғин содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шохобча ҳудудидаги иккита 9 тоннали сиғим ёнган.

Тўртта ёнғин қутқарув бўлинмаси воқеа жойига соат 22:04 да етиб бориб, ярим соат ичида ёнғинни тўлиқ ўчиргани билдирилган.

“Ёнғин оқибатида 2 нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши. Ёнғин сабаби ва зарарига аниқлик киритилмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Жорий йил 20 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлашда ҳам икки киши жароҳатланганди.

2024 йил 17 декабрь куни Фарғона шаҳридаги пропан газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш эса инсоний талафотларга олиб келган эди.

Чусовитина Жаҳон кубогида олтин медаль соҳибаси бўлди

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина (архив сурати)
Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина (архив сурати)

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритган. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Чусовитинанинг чиқиши ҳакамлар томонидан 13.516 балл билан баҳоланган. Иккинчи ўринни 13,366 балл билан словениялик Тея Белак, учинчи ўринни эса 13,283 балл билан яна словениялик Тьяса Кисселеф эгаллаган.

Шу йил июнь ойида 50 ёшини қаршилайдиган Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида кетма-кетига саккиз марта иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи аёл сифатида Гиннесс рекордлар китобига кирган. У 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020 йиллардаги ўйинларда СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ўлароқ қатнашган.

Аввалроқ Чусовитина 2028 йили Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада иштирок этишга ҳаракат қилишини билдирган. 2024 йили Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида у олган жароҳати туфайли қатнашолмаган эди.

Дипломатлар Туркиядан қайтаётганларни огоҳлантиришди

Истанбул аэропортидаги айрим йўловчилар (архив сурати)
Истанбул аэропортидаги айрим йўловчилар (архив сурати)

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Туркиядан учоқда қайтаётган ўзбекистонликларни аэропортларда бегона шахслардан Ўзбекистонга олиб кетиш учун юк олишдан тийилишга чақирди.

Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг!” дейилган бош консулхона хабарномасида.

Дипломатлар ўтган йиллар мобайнида айнан шундай илтимосни бажаришга рози бўлган бир неча нафар ўзбекистонлик ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олиниб, узоқ муддатларга қамалганларини қўшимча қилган ва бунга қатор мисолларни келтирган.

Шахматчи Ёқуббоев Прагадаги Challengers баҳсида ғолиб бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев Prague International Chess Festival халқаро мусобақаси босқичида биринчиликни қўлга киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Жорий йилнинг 26 февралидан 7 мартигача давом этган шахмат мусобақасида Нодирбек Ёқуббоев 7 очко йиғишга муваффақ бўлган.

Фестиваль учта айланма мусобақани – Masters (асосий турнир), Challengers (асосий турнир учун саралаш) ва Futures (Challengers учун саралаш) кабиларни ўз ичига олган. 10 кишилик Challengers гуруҳида ўтказилган 9 та партияда Ёқуббоев 5 марта ғалаба қозонган, 4 марта эса ўйинни дуранг натижа билан якунлаган.

Мусобақа якунида Нодирбек Ёқуббоев ўзи сингари 7 очко жамғарган Йонас Бюль Бьерре билан баҳс юритиб, иккинчи партияда тай-брекда рақибини мағлуб қилишга муваффақ бўлган.

Мусобақадаги бу ғолиблик Ёқуббоев учун кейинги йилги фестивалда Masters гуруҳида дона суришга йўл очган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG