Линклар

Шошилинч хабар
12 март 2025, Тошкент вақти: 16:58

Россия Украинанинг энергетика ва газ инфратузилмасига ҳужум қилди


Герман Галущенко
Герман Галущенко

Россия қўшинлари Украинанинг турли ҳудудларидаги энергетика ва газ инфратузилмасига ракета ҳамда дронлар билан кенг кўламли зарба берди. Бу ҳақда Украинанинг энергетика вазири Герман Галущенко хабар қилди.

У 7 март куни эрталаб Фейсбукдаги саҳифасига: "Иложи бор жойларда қутқарувчилар ва энергетиклар зарарни бартараф этиш устида ишламоқда. Энергия ва газ таъминотини барқарорлаштириш учун барча зарур чоралар кўриляпти", деб ёзди.

Харьковда фуқаролик инфратузилмаси объектларидан бири зарбага учради. Шаҳар мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, зарба урилган жойда ёнғин чиққан. Шунингдек, яқин атрофдаги кўп қаватли уй зарарланган, яшовчилар эвакуация қилинмоқда. Охирги маълумотларга кўра, беш киши жабрланган.

Полтава вилоятида ракета парчалари хусусий уйга тушди, икки киши, жумладан, бир бола жароҳат олди. Вилоят маъмуриятининг хабар қилишича, яна икки хусусий уй ва газ қувурига зарар етган.

Тернопол вилоятида саноат объектига зарба берилган. Вилоят маъмурияти газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Чернигов вилоятида эса ҳужум натижасида ишлаб чиқариш объектларидан бири зарар кўрди.

Кечқурун Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер дрон ҳужуми натижасида энергетика инфратузилмасига зарар етказилганини маълум қилган.

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, Россия уч йил мобайнида Украина энергетика инфратузилмаси объектларига 30 дан ортиқ кенг кўламли ҳужумлар уюштирган. Уларнинг умумий зарари миллиардлаб долларни ташкил этади.

Москва одатда Украинага урган зарбаларга изоҳ бермайди.

XS
SM
MD
LG