Ўзбекистон хабарлари
Гумонланувчиларнинг хорижга чиқиши вақтинча чекланади

Ўзбекистонда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланмаган гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчининг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тартиби белгиланмоқда. 12 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасида ана шу талаб илгари сурилган.
Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати қайдича, мазкур қонун лойиҳаси жабрланувчининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга хизмат қилади.
“Жиноят содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланмаган ҳолларда, ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини тарк этиб суриштирув, тергов ёхуд суддан яшириниш ҳолатлари кузатилмоқда. Натижада жиноятдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга етказилган зарарларни қоплаш имконияти пасаймоқда”, дейилган Қонунчилик палатаси хабарномасида.
Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоевга кўра, 2020-2024 йилларда жиноят содир этиб, яширинган 23 минг 863 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлса, уларнинг 21 минг 238 нафари (89 фоизи) Ўзбекистон ҳудудидан чет элга чиқиб кетган.
Айбланувчи ва гумонланувчиларнинг чиқиш ҳуқуқини чеклаш ваколати суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд органларига берилиши кўзда тутилган.
Кун янгиликлари
Туркияликларга турмушга чиқаётганлар орасида ўзбекистонлик қизлар иккинчи ўринни эгаллади

2024 йилда 3509 нафар ўзбекистонлик аёл Туркия фуқароларига турмушга чиқди. Бу рақам Туркия статистика ташкилотининг (ТÜİК) оила қуриш ва ажрашишга оид ҳисоботида акс этган.
Шу тариқа ўзбек аёллари турк эркаклари турмуш қураётган хорижликлар орасида иккинчи ўринни эгаллади. Диққатга молик жиҳати шуки, Ўзбекистонни рўйхатда биринчи ўринда турган Суриядан атиги ўн кишилик фарқ ажратиб турибди.
Туркияликлар уйланаётган мамлакатлар бешлигига Сурия (3519 нафар), Ўзбекистон (3509), Марокаш (2427), Озарбайжон (2195) ва Россия (1945) кирган.
Ўзбек қизларининг турк йигитлари билан турмуш қуриш тенденцияси кучайиб бораётгани бир йиллик ҳодиса эмас. Бу ҳолат сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсирида ортгани айтилади. Озодлик бу мавзуда аввалроқ махсус фильм ҳам тайёрлаган эди.
Шунингдек, Озодлик илгарироқ ночорликдан қутулиш учун ўзбек қизлари орасида кореялик куёвларга эрга тегаётганлар сони кўпайганини ҳам таҳлил қилганди.
Ўзбекистонга таглик импорти кескин қисқарди

2025 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга аёллар ва болалар учун гигиеник прокладка ва тагликлар импорти 2112 тоннани ташкил этган.
Kun.uz нашрининг Божхона қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда ёзишича, таглик импорти 2024 йилнинг шу даврига нисбатан (3826 тонна) 1714 тоннага ёки 1,8 баробарга камайган.
Бу тоифадаги маҳсулотларни олиб кириш қиймат жиҳатдан 2,7 баробарга қисқарган: икки ойлик импорт ўтган йилги 15,2 миллион доллардан бу йил 5,6 миллион долларга тушган.
Таглик импортидаги сезиларли пасайиш ортидан мамлакатда нарх ошиши ҳам кузатилмоқда.
Маҳаллий матбуот бу ҳолатга эътибор қаратишига ижтимоий тармоқларда тарқалган болалар таглиги учун сертификат жорий этилгани ва импорт тагликларга сертификат берилмаётгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.
Ушбу хабар ортидан мамлакатда “таглик қироли” пайдо бўлаётгани, “улкан наҳангга охур ясалаётгани” ҳақида тахминлар илгари сурилди.
“Ким турибди бу тақиқлар ортида? Қайси “маҳаллийлаштирувчилар” учун Ўзбекистон болалари ва оналари жазоланмоқда?” дея мутасаддиларни саволга тутган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Божхона қўмитасига кўра, Ўзбекистон 2023 йилда хориждан 102,8 миллион долларлик, 2024 йилда эса 86,9 миллион долларлик аёллар ва болалар гигиеник прокладка, тагликларини сотиб олган.
Яширин лабораториядан 9 млрд сўмлик банг моддаси мусодара этилди

Фарғона туманида нарколаборатория фош этилди, дея маълум қилди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
Марғилон шаҳрида яшовчи, 1990 ва 2001 йилларда туғилган уч шахс Фарғона тумани Миндонобод МФЙдаги ижара уйда синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келишган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур гуруҳ интернет орқали “закладка” усулида етказиб берилган хомашё асосида наркотик моддалар тайёрлаган ва вилоят бўйича белгиланган хуфия жойларга қолдириб, уларнинг геолокациясини тармоқ орқали юбориб турган.
Бунинг эвазига учала шахснинг ҳар бири ҳафтасига криптовалюта кўринишида 500 доллардан маош олган.
Тезкор тадбирда ушбу манзилдан 8 кг 185 гр Альфа-ПВП, 4 кг 209 гр “Спайс”, 427 гр “Мефедрон” синтетик наркотик моддалар ҳамда уларни тайёрлашда керак бўладиган 12 кг 326 гр махсус суюқлик ва 13 кг 925 гр тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбир давомида олинган жами 12 кг 821 гр синтетик наркотик моддаларнинг қора бозордаги баҳоси 9 млрд 185 млн сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида ташкил этилган махфий лабораториялардан умумий нархи тахминан бир миллион долларга тенг, жами 14 килограмм 795 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари расмийлаштириб олингани ҳақида хабар қилган эди.
Олий суд эълон қилган таҳлилларга кўра, мамлакатда сўнгги беш йил ичида наркотик моддаларни ноқонуний сотишга доир жиноятлар икки баравар ортган.
Стратегик шериклик: Тошкент ва Париж ўртасида 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги даражага кўтарилди. 12 март куни Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилишган.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёевнинг Парижга сафари мобайнида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
- Ўзбекистон–Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
- Ташқи ишлар вазирликларининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- 2026-2030 йилларда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури;
- Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- Француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилган.
Расмий статистикага кўра, 2024 йилда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми илк бор бир миллиард евродан ошган. Қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард еврога етган.
Бу Мирзиёевнинг Францияга сўнгги йилларда амалга оширган учинчи ташрифидир. У бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида ҳам мазкур давлатда расмий ташриф билан бўлган эди.
2023 йил ноябрь ойида эса президент Эммануэль Макрон Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Ўзбекистон президентининг Парижга сафари арафасида қатор ҳуқуқбонлик ташкилотлари Макронни Мирзиёевга расмий Тошкент томонидан инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги риоя қилиниши борасида босим ўтказишга чақиришган.
Франция Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган ўн еттинчи давлат бўлди. Ҳозирга қадар расмий Тошкент АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Корея, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Ҳиндистон, Покистон, Қатар ҳамда БАА билан стратегик шерикликка доир ҳужжат имзолаган.
Ўзбекистонда амалдорлар хориж автомобилидан воз кечмоқда — ОАВ

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Mercedes-Benz хизмат автомобилидан воз кечиб, Malibu автомобилида юрибди.
Gazeta.uz нашрининг бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовдан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, Арипов жорий йил 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.
Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган йиғилишида давлат амалдорлари миллий автомобилга ўтиши зарурлигини айтган эди.
“Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, деган бош вазир видеоселекторда.
Ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.
Жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автоуловларидан фойдаланаётгани айтилмоқда.
Шу кунгача фойдаланиб келинган хорижий автотранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий муаммолар кузатилаётган вазиятда давлат мулозимларининг қимматабаҳо хизмат машиналарида юриши кўпдан буён жамоатчиликда эътироз уйғотиб келади.
Озодлик аввалроқ бюджет тақчиллиги манзарасида айрим ҳокимлик, вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо автомобиллар харид қилиш учун миллионлаб маблағлар сарфлаётганига эътибор қаратган эди.
Таълим вазирлиги йиғди-йиғдилар билан “муроса қилмайди”

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова “Ташаббусли бюджет” доирасида педагоглардан пул йиғиш ҳолатлари кузатилса, тизим вакилларини бу ҳақда хабар беришга чақирди.
Мулозимага кўра, охирги йилларда боғча ва мактаб ходимларини ўз фаолиятидан бошқа ишларга жалб қилиш, улардан асоссиз пул йиғишларга қарши курашилаётган бўлса-да, тизимда ҳамон шундай топшириқларини бераётган масъуллар учрамоқда.
Жорий йил 11 мартидан Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилги 1-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу орада ижтимоий тармоқларда турли соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчилар овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
“Яқинда Қува туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчиларнинг ойлик маошидан “Опен бюджет”да овоз йиғиш учун 700 минг сўмдан ушлаб қолишни талаб қилган директор билан меҳнат шартномасини бекор қилдик”, деган Ҳилола Умарова.
Фарғона вилояти Қува туманида педагогларга ноқонуний талаб қўйилаётгани ҳақида илк бор Озодликнинг “Сиздан Телеграм” лойиҳаси хабар қилган эди.
ММТВ ўқитувчи, таълим ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш, улар маошидан пул йиғиш билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига соя солмасликка ундаган.
“Педагогларни уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиш, турли мақсадлар учун маблағ йиғиш каби ҳолатлар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз”, дея таъкидлаган вазир Умарова.
Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади.
Озодликка жойлардан йўлланаётган шикоятлар, ижтимоий тармоқлардаги постларга қараганда, “Очиқ бюджет” учун овоз беришда мажбурлов ва ғирромликлар кузатилади.
Ўзбекистонда банг моддалари билан боғлиқ жиноятлар сони кескин ошди

Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида наркотик моддаларни ноқонуний сотишга доир жиноятлар сони икки бараварга кўпайди. Олий суд эълон қилган статистика ана шундан далолат беради.
2020 йилда Жиноят кодексининг 270, 271, 273-276-моддаларига дахлдор жиноятларга қўл урганлар 3941 кишини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу рақам 8373 нафарга етган.
Ҳудудлар кесимида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида қайд этилган. 2024 йилда 1999 нафар шахс шу турдаги жиноятларни содир этгани учун судланган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов ҳам Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайгани ҳақида маълум қилганди. Мулозим кузатилаётган салбий жараён бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этаётганини айтган.
Божхона идоралари маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.
БП: Самарқандда учта тарихий масжид бузиб ташланган

Самарқанд вилоятидаги XIX – XX асрларга оид тарихий биноларга жами 46,8 млрд сўмлик зарар етказилган, дея маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.
Маданий мерос агентлиги билан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланишича, Каттақўрғон туманидаги “Кушоқ ота” масжиди бузилиб, ёдгорликка 19,6 миллиард сўмлик, Ургутдаги “Аҳмад Яссавий” ва “Ҳожи Ўринбой” масжидлари бузилиб, ёдгорликларга 17 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Самарқанд туманидаги “Кулба” архитектура ёдгорлиги рухсатсиз таъмирлангани оқибатида эса 10,2 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилгани, назорат тадбирлари давом эттирилаётгани билдирилган.
Тарихий-маданий мерос объектларининг бузиб ташланиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
Озодлик аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги IV асрга оид археологик ёдгорлик вайрон қилингани ҳақида ёзганди.
2020 йилда Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлиги бузиб ташланган эди.
Ўтган йили Бухоро тарихий марказида ЮНЕСКО билан келишмай бошланган қурилишлар ҳам жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.
Ўзбекистон учоқлари Москвадан бошқа шаҳарларга йўналтирилди

Жорий йилнинг 11 мартига ўтар кечаси Россия пойтахти Москва ҳудудига дронлар ҳужуми уюштирилгани муносабати билан бир қатор самолётлар бошқа аэродромларга қўндиригган.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Москванинг бир қатор аэропортларида жорий этилган чекловлар ортидан HY9607, Бухоро–Москва (Внуково) рейси Самарага, HY611, Тошкент–Москва (Внуково) ҳамда HY9615, Урганч–Москва (Внуково) рейслари Санкт-Петербургга, HY603, Тошкент–Москва (Домодедово) рейси эса Урганчга йўналтирилтирилган.
“Чекловлар олиб ташланганидан сўнг барча авиақатновлар дастлабки йўналишлар бўйича ҳаракатланишда давом этади. Шу билан бирга, авиакомпаниянинг кейинги авиақатновлари жадвалига ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда”, дейилган Uzbekistan Airways хабарномасида.
Россия расмий идоралари Москва ҳудудига Украина томонидан дронлар ҳужуми уюштирилгани сабаб пойтахт аэропортларида “Ковёр” режаси жорий этилганини билдирган.
Москва мэри Сергей Собянин қайдича, Россия пойтахти томон учган 74 та учувчисиз учиш аппарати, турли йўналишларда юзлаб жанговар дрон уриб туширилган.
Россия қўшинлари ҳам Украинанинг турли ҳудудларидаги энергетика ва газ инфратузилмасига ракета ҳамда дронлар билан кенг кўламли зарба бериб келмоқда.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Uzbekistan Airways авиаширкати 20 январдан бошлаб Европа мамлакатларига парвозларни Россия ва Беларусь ҳудудини айланиб ўтган ҳолда, Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширмоқда. Бу қарор Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг (EASA) Россиянинг Европа ҳудуди устидаги парвозларнинг хавфсиз эмаслиги тўғрисидаги ҳисоботи асосида қабул қилинган.
“Навоий азот”даги портлаш оқибатида бир киши нобуд бўлди

Навоий шаҳрида жойлашган “Навоий азот” акциядорлик жамиятида 11 март куни содир бўлган портлаш натижасида 1 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ФВВ портлаш чоғида нобуд бўлган ва жабрланган кишилар шахсини очиқлаган эмас.
Вазирлик қайдича, сешанба куни Тошкент вақти билан соат 14:10 да “Навоий азот” заводининг 25-цехи лабораториясида газ-ҳаво аралашмаси портлаган, бунинг натижасида ёнғин келиб чиққан.
Юзага келган ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 14:20 да қуршаб олишга, соат 14:50 да эса тамоман ўчиришга муваффақ бўлишган.
ФВВ ҳодиса чоғида тан жароҳати олган фуқароларга айни пайтда малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирган.
Шунингдек, вазирлик хабарномасида ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.
Бу “Навоий азот”да содир бўлаётган илк портлаш эмас. Озодлик мазкур заводда 2013, 2015 ва 2020 йилларда ҳам содир бўлган портлашлар ҳақида хабар қилган.
17000000000 сўмлик йўл лойиҳалари сифатсиз бажарилган

Ўзбекистонда 2024 йил давомида йўл-қурилиш соҳасида 242 та объектда қарийб 17 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар бажарилгани аниқланди.
Daryo.uz нашрининг Транспорт назорати инспекцияси матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, инспекция томонидан ўтган йили йўл-қурилиш ишларини назорат қилиш йўналиши бўйича 1785 та объектда 2625 та назорат ишлари ўтказилган.
Текширувларда 7 мингдан (қурилиш – 774 та, реконструкция – 1182 та, таъмирлаш – 4476 та, қазиш – 577 та) ортиқ қоидабузарлик аниқланган ва уларни бартараф этиш бўйича жами 2418 та буюртмачи, пудратчи ва қазиш ишларини бажарувчиларга мажбурий кўрсатмалар берилган.
Қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99 (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 147 (йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш талабларини бажармаслик) моддаларига асосан жами 450 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
Ўзбекистонда йўл қурилиши ва таъмирида ишларнинг сифатсиз, хўжакўрсин учун бажарилиши чуқур илдиз отган муаммо экани айтилади.
Аввалроқ Озодлик суҳбатлашган мутахассислар йўлсозликни “коррупция ботқоғига ботган” соҳа дея таърифлашган эди.
Чиқиндидан қарздорлар электр энергиясидан фойдалана олмайди

Ўзбекистонда жорий йил 8 июндан эътиборан чиқиндидан қарздорлик учун электр энергиясидан узиб қўйиш амалиёти жорий этилади. Мамлакат президенти томонидан имзоланган 1044-сонли қонунда ана шундай талаб илгари сурилган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўлов бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилинганидан кейин мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар улардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш чекланади.
Қарзни узиш учун беш кун вақт берилади.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилишнинг вақтинчалик чеклови чиқинди қарздорлиги тўлангандан сўнг автоматик равишда бекор қилинади.
Ушбу қонун ҳужжатини таклиф этган депутатлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 600 миллиард сўмдан ошганини урғулаган.
Жумладан, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров мамлакатда “чиқинди масаласи энг охирги, хавфли нуқтасига етиб келгани” ҳақида ёзган эди.
Мазкур ташаббусга қарши чиққан маҳаллий фаоллар эса мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилишган. Чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланиши баҳсли қарор ўлароқ баҳоланган.
Мирзиёев давлат ташрифи билан Францияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида Парижда олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади”, дейилган расмий хабарномада.
Мирзиёев, шунингдек, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказишнинг амалий жиҳатларини ҳам муҳокама қилади.
Мирзиёев бунга қадар 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Парижда расмий ташриф билан бўлган эди.
2023 йил ноябрь ойида эса Франция президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўшанда музокаралар якунида Тошкент ва Париж ўзаро ҳамкорликни “стратегик шериклик” даражасига кўтариш ниятини билдиргани маълум.
Ўзбекистонлик шахс Сеулдан 5 млн долларга квартира сотиб олди

Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан 7,4 миллиард вонга (қарийб 5 миллион 94 минг доллар) квартира сотиб олди. Бу ҳақда Choson.biz нашри хабар қилди.
41 ёшли ўзбекистонлик пойтахт Сеулдаги машҳур Банпо Хи тураржой мажмуасида жойлашган 244 метр квадрат майдонга эга апартаментни нақд пулга харид қилган.
Харидорнинг манзили сифатида Тошкентдаги “Корея–Ўзбекистон анъанавий тиббиёт клиникаси” кўрсатилган.
3410 та тураржойдан иборат Банпо Хи мажмуасида Жанубий Кореянинг бадавлат ва атоқли шахслари истиқомат қилади.
Шахси очиқланмаган ўзбекистонлик ҳудуддаги энг қиммат битимни амалга оширгани айтилмоқда.
Аввалроқ “Известия” нашри Ўзбекистон фуқаролари Россияда уй-жой сотиб олувчи норезидентлар бўйича юқори учталикка киргани ҳақида хабар қилган эди.
Кўчмас мулк бозорида норезидентларнинг ҳиссаси умумий савдонинг 20 фоизини ташкил этган бўлса, шундан 15 фоизи Ўзбекистон фуқаролари улушига тўғри келган.