5 июль куни Тошкентда сайловчилар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев пойтахтни “яшиллаштириш” мақсадида ҳар йили камида 1 миллион дона кўчат ва қаламча экиш режасини эълон қилди. Айни шу кунларда парламентда чиқиш қилган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов эса кўчат экишдаги кўзбўямачилик ва сохтакорликлар ҳақида маълумот берди.
Параллел равишда янграган икки баёнот жамоатчиликни ташвишга солиб келаётган муаммони яна кун тартибига қайтарди. Фаоллар “кўчат шоу”чи мансабдорлар жазосиз қолаётгани ҳақида бонг урди.
5 июль куни президентликка номзод ўлароқ тошкентлик сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев пойтахтни “яшиллаштириш”га оид режалари билан ўртоқлашди. Унга кўра, келгуси етти йилда пойтахтдаги 900 гектар яшил майдон 5 минг гектарга етказилади.
Бу мақсадда шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 миллион дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экилади, ҳар бир маҳаллада мингтадан кўчат ўтқазиш тадбири давом эттирилади.
Парламент минбарида экология вазири томонидан ошкор этилган рақамлар эса президентликка номзоднинг режаларини савол остида қолдирди.
Азиз Абдуҳакимовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида маълум қилишича, республика бўйича “Яшил макон” лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ экилмаган кўчатлар ҳисоботларда “экилди” деб кўрсатилган; 7,3 миллион туп ниҳол суғориб бўлмайдиган жойларга ўтқазилган; экилган 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун масъуллар тайинланмаган. Қўшиб ёзиш борасида Навоий (959 минг), Тошкент (564 минг) ва Фарғона (465 минг) вилоятлари бошқа ҳудудларни ортда қолдирган.
Табиат муҳофазасига масъул ҳукумат мулозими дарахт ва буталарни экишда уларнинг тупроқ ва иқлим шароитига мос келиш-келмаслигига эътибор берилмаганини ҳам қайд этган.
2021 йил ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Яшил макон” лойиҳаси мисли кўрилмаган режани ўз ичига олади. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда беш йил давомида 1 миллиард туп дарахт ва бута кўчати экилиши керак.
Расмий статистикага кўра, 2021 йили мамлакатда 85 миллион туп, 2022 йили 202,7 миллион туп кўчат экилган. 2023 йил баҳор мавсумида эса 127,7 миллион туп ниҳол ўтқазилгани ҳақида ҳисобот берилган. Аммо “Яшил макон” ташаббусининг илк давриданоқ қўшиб ёзишларга зўр берилгани айтилади.
Президент Мирзиёев 2022 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” дастури ижросида кўзбўямачилик давом этаётгани, ҳудудларда аслида экилмаган 5 миллион туп кўчат ҳисоботларга “экилди” дея тиркалгани ҳақида гапирган.
Сенат ҳисоботига кўра, бу борадаги қўшиб ёзиш кўлами 6,2 миллионни ташкил этади. Фаоллар эса ҳақиқий ҳолат бундан-да ёмон деб ҳисоблайди.
“Ўзбекистонликлар “Яшил макон” кампаниябозлиги қиймати ва товони қанчага тушаётганини биринчи кунданоқ ўз кўзи билан кўриб турибди. Халқ қўшиб ёзилган, қуритган, қуритилган кўчатлар вазир айтган миллионлардан каррасига кўпроқлигини ҳам билади”, дея ҳолатга муносабат билдирди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Эксперт кампания бошлангандан буён экилиши овоза қилинган 525 миллион кўчатнинг қанчаси кўкаргани, ҳар бир кўчат солиқ тўловчиларга қанчага тушганини очиқлашни сўраган.
“Яшил” акция доирасида триллионларни ҳавога совуриш шунчаки камчилик эмас, жиноят эканини урғулаган фаоллар бунга йўл қўйган масъулларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни ҳам талаб этмоқда.
“Ҳукуматдан, вазирлардан, ҳокимлардан ҳавога совурилган ҳар бир сўм учун, қуритилган ҳар бир кўчат учун ҳисобот ва жавобгарлик талаб қилиниши даркор. Ахир сўроқ вақти келгандир?” дейди Бакиров.
“Бизга таниш манзара: кўзбўямачилик, ўғрилик ва коррупция ҳолатларини аниқ исботловчи расмий нутқ. Аммо ҳалигача бирорта ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ёки ҳокимият органлари, қолаверса, Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу масала бўйича фикр айтмади. Шундай пайтда антикоррупциячилар “Ия, қани, нега биз билмай, бехабар қолдик” деб, прокуратура органлари эса “Жаноб вазир қўлингиздаги ҳужжатларни бизга беринг, биз текширув ўтказайлик” дея бонг уришлари керакмиди, йўқми?” дея савол қўяди Телеграмдаги “Platforma.uz” канали.
Фаолларга кўра, бу талаб фақат ижтимоий тармоқда эмас, парламентда ҳам янграши керак.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ҳам аввалроқ бу борада ўз хавотирини билдирган. Дипломат “Gazeta.uz” нашри учун ёзган мақоласида Ўзбекистон каби сув тақчиллиги кузатиладиган мамлакатда миллионлаб кўчат экиш тадбирини пухта режа ва хориж тажрибаси асосида олиб боришни тавсия қилиб, шошқалоқлик оқибатларидан огоҳлантирган.
Форум