Линклар

Шошилинч хабар
17 март 2025, Тошкент вақти: 19:42

Ўзбекистонда фуқароларни рухсатсиз тасвирга олиш тақиқланиши мумкин


Ўзбекистонда шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши мумкин. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шундай талаб илгари сурилган.

Адлия вазирлиги тайёрлаган лойиҳада чеклов чораси “шахсларнинг тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи таъминланмагани” билан асосланган.
Қонунга мувофиқ Фуқаролик кодекси 100−1-модда (тасвирга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш) билан тўлдирилмоқда.

Янги моддада шахсни тасвирга (фототасвир, видеоёзув, у акс этган тасвирий санъат объекти ёки уни идентификaция қилиш имконини берадиган бошқа ташқи белгилар йиғиндиси) олиш (тасвирини яратиш) ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахснинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Қуйидаги ҳолларда шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш талаб этилмайди:

1) тасвирдан жамият ва давлат манфаатлари учун қуйидаги мақсадларда фойдаланишда:
• тасвирдаги шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қидирув эълон қилиш;
• давлат органлари ва ташкилотлари томонидан уларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш;
• содир этилган ёки этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шунингдек, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа воқеа-ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш (жабрланувчининг шаъни ва қадр-қиммати камситилмаслиги шарти билан);
2) хизмат вазифасини бажариш, жамоатчилик фаолиятини амалга ошириш жараёнида давлат хизматчиси ва ҳокимият вакилини тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
3) жамоат жойлари ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишлар, шунингдек, оммавий ва шахсий (тўй, оилавий, юбилей, дафн маросими ва бошқа) тадбирларда умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида шахсларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда;
4) тасвир шахс томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса ёки ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбадан олинган бўлса (тасвирдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);
5) шахснинг ҳақ эвазига туширилган (яратилган) тасвиридан ушбу тасвирни олишдан (яратишдан) кўзланган мақсадда фойдаланилганда;
6) жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олиш ва ушбу мақсадларда фойдаланишда.


Жамоат жойларида видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда аниқ ва барчага тушунарли огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шарт.

Шахсларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишини тақoзо этадиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини тасвирга олишни тақиқлашга оид қонун жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.

XS
SM
MD
LG